Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Корея ташқи ишлар вазири Пак Чин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Пак Чин мамлакат етакчисига Корея президенти Юн Сок Ёлнинг саломи ва тилакларини етказди. Яқин ва конструктив сиёсий мулоқотни, халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги ўзаро кўмакни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди. Президент икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталди. 2022 йили Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги товар алмашинуви 24 фоизга ошди. Корея компанияларидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ортди.
Умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар портфели “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, машинасозлик, кимё саноати, электротехника ва тўқимачилик тармоқлари, инфратузилмавий ривожланиш, шаҳарсозлик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олади.
Ўзбекистоннинг муҳим инвестициявий ва технологик ҳамкорлари бўлган Жанубий Корея етакчи компаниялари билан кооперация алоқаларини кучайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Катта ёшдагилар учун тўртинчи даражали кўп тармоқли шифохона, онкология клиникаси, фармацевтика кластери ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасасини барпо этиш бўйича ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Яримўтказгичлар инновацион кластерини барпо этиш ҳамда Нодир металлар ва қотишмалар маркази фаолиятини ривожлантириш вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.
2022 йилда Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 85 йиллигини нишонлаган корейс миллатига мансуб кўп сонли юртдошларни янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Тошкент шаҳридаги Корейс маданияти ва санъати уйи фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)