Telegram мессенжеридаги каналларда божхона постларида юк автомобилларининг турнақатор навбатлари юзага келгани, ҳайдовчиларнинг суткалаб чегара постларида қолиб кетиши ва ортиқча харажатга тушаётгани айтилган суратлар, видеолар пайдо бўлди. “Дарё” мухбири мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида “Майский” номи билан машҳур бўлган божхона чегара постидаги ҳайдовчилар билан суҳбатлашди.
Туркия ва Грузия ҳайдовчилари йўлимиз абгорлигини айтиб, устимиздан кулади
Юк ҳайдовчиларига “Майский” номи билан таниш бўлган С.Нажимов чегара божхона пости Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, мазкур Ўзбекистон–Қозоғистон чегара пости орқали кунига юзлаб ҳар хил турдаги истеъмол маҳсулотлари бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.
“‘Майский’ постига кириб келгунча тахминан 10 километр йўл жуда абгор ҳолатда. Туркия ва Грузиядан келган юк автомобили ҳайдовчилари ’Ўзбекистоннинг чегара постларидаги йўллар нега бу даражада абгор, ҳеч ким эътибор бермайдими?’, дея кулги аралаш сўрашади. Баъзан бунақа гапларни эшитиб, уялиб кетамиз, тўғриси. Сабаби ўша кулаётган ҳайдовчиларнинг ватани Туркия, Грузия каби мамлакатларнинг божхона чегара постларига борсангиз, ҳатто машинадан тушмайсиз, чегарага кириб боришингиз билан машинангиз номери уларга кўринади ва телефонингизга онлайн навбатга ёзилганингиз, қанча вақтда ичкарига кириб кетишингиз хабар қилинади. Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг имконияти камми улардан? Ёки ҳайдовчилар шу даражада қийналиб юришга маҳкумми?”, — дейди исми сир қолишини истаган юк автомобили ҳайдовчиси.
Қашқадарёлик тадбиркор Бекзод Бердиев ҳам шу чегара божхона постидан юк ўтказишини, ҳар сафар пала-партиш навбат сабаб икки-уч суткалаб кутишга мажбурлигини айтмоқда.
“Ҳамма раҳбарлар ‘экспортни йўлга қўйдик, фалон маҳсулотларни экспорт қилиб, мана бунча валюта олиб киряпмиз’, дея оғиз тўлдириб мақтанишади. Лекин ҳеч қайси раҳбар ўша экспорт қилинаётган маҳсулотларимиз чегарадан қандай ўтяпти, муаммога дуч келмаяптими дея бирор марта бу ерга келиб кўрмайди. ‘Майский’ постига кириб келишдаги йўлларнинг аҳволи билан таниш эмас. Ҳозир-ку, ҳаво анча иссиқ, абгор йўлнинг чанг-тўзонига чидаяпмиз. Лекин ёмғир ёғса, бу йўллар лойга ботиб, юк ортилган машиналар йўлда қолиб кетади. Ортидаги юк машинаси ҳам олдиндаги машинанинг лойга ботиб қолиши оқибатида йўлда қолади. Қарабсизки, тахминан 3-4 километрлик пала-партиш навбатлар юзага келади. Бундан ким зарар кўради, албатта, хорижга маҳсулот чиқараётган тадбиркор ва юк автомобили ҳайдовчиси”, — дейди қашқадарёлик тадбиркор Бекзод Бердиев.
Йўл таъмири бизнинг вазифамиз эмас
“Дарё” мазкур ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси ахборот хизмати Нурбек Саломов билан суҳбатлашиб, ҳайдовчиларнинг йўллар абгорлиги ҳақидаги шикоятини етказди.
“Биласиз, йўлларнинг абгорлиги билан Божхона қўмитаси шуғулланмайди. Бу йўллар Тошкент вилоятининг Қибрай туманига қарашли ички йўллар бўлиб, ҳудуддаги йўллар таъмири маҳаллий ҳокимлик зиммасидаги масала ҳисобланади. Улар таъмирласа, бу муаммолар бартараф этилади”, — дейди қўмита ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.
Нурбек Саломов “Дарё” журналистининг қўмита экспортёр тадбиркорлар, юк автомобили ҳайдовчиларига енгиллик, уларга қулайлик яратиш мақсадида таъмирталаб йўлни созлаш ҳақида маҳаллий ҳокимликларга ёки масъулларга таклиф билан чиқилганми деган саволига жавобан бундан бехабарлигини билдирди.
Ўзбекистонга юк олиб келиб, бўш қайтаётган автомобиллар учун алоҳида йўлак очилса…
“Дарё” мухбири билан суҳбатда бўлган қозоғистонлик юк автомобили ҳайдовчилари Равшан Йўлдошев ҳамда Ҳайитмурод Магамедовлар чегара божхона постларида бўш юк автомобиллари учун алоҳида йўлак ташкил қилиш таклифини берганини айтмоқда.
“Кеча Ўзбекистонга арматура олиб кирган эдик. Ўзбекистон божхона постидан ўтиш учун икки кун чиқиб кетиш учун икки кун — жами 4 кун вақтимиз шу божхона постида ўтади. Юкни арзимаган вақтда харидорга етказамиз. Аммо вақтимиз божхона постларида ўтиб кетади. Шу сабаб Ўзбекистон божхона постларида юк олиб келиб, ташлаб чиқаётган юк автомобиллари учун алоҳида йўлак ташкил қилишса, яхши бўларди. Юк олиб кирилаётганда юкни текшириш, расмийлаштириш учун вақт кетишини тушунамиз, аммо юкини ташлаб чиқаётган бўш юк автомобилини текшириш учун кўп вақт кетмайди-ку, шунинг учун ҳам ҳайдовчиларни икки кун божхона постларида олиб ўтириш шартми?”, — дейди қозоғистонлик ҳайдовчи Равшан Йўлдошев.
Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов қозоғистонлик ҳайдовчиларнинг бу таклифига жавобан барча божхона постларида бундай йўлак ташкил этиб бўлмаслигини, Сирдарё вилоятида жойлашган “Малик” пости айни пайтда Ўзбекистонга юк олиб келиб, бўш қайтаётган автомобиллар учун хизмат қилаётган махсус божхона пости эканини маълум қилди.
Қозоғистонлик ҳайдовчилар “Майский”даги божхона постига киришда баъзан Ўзбекистон божхонаси ходимлари, баъзан Қозоғистон божхонаси ходимларининг масъулиятсизлиги сабаб кечикишлар бўлишини айтмоқда.
“Бир сафар Қозоғистондан Ўзбекистонга кириш осонлашиб қолади. Боиси Қозоғистондан ўтаётган юк машиналарини Ўзбекистон божхонаси ходимлари жудаям тез ‘тортади’. Базан Ўзбекистон божхонаси тез ўтказса-да, Қозоғистон божхонаси тез ‘тортмаслиги’ оқибатида кечикишлар кузатилади. Энг ёмони ‘Қоплонбек’ божхона постининг 1 йил-у 6 ойга таъмир учун ёпилгани бунақа пала-партиш навбатларнинг кўпайишига олиб келди”, — дейди ҳайдовчилар.
Қозоғистонлик ҳайдовчилар ҳам божхона постларига олиб борувчи йўлларнинг аҳволи ёмонлигидан шикоят қилмоқда.
“‘Майский’даги божхона постига бориш учун тахминан 10 километр йўл юрсак, мана шу йўлнинг аҳволи жудаям ачинарли ҳолга келиб қолган. Ҳозир иссиқ пайтида чанг-тўзон ва чуқурларга дуч келсак, ёмғирли ҳавода лойгарчилик чарчатади. Лойда юк машиналари ботиб қолиб, ортидан келаётган бошқа машиналарнинг ҳам йўлда қолиб кетишига сабаб бўлади”, — дейди қозоғистонлик ҳайдовчи Ҳайитмурод Магамедов.
Ўзбекистондаги божхона постларида тамагирлик кузатилмайди
Божхона постида кутиб, силласи қуриган ҳайдовчиларнинг тан олишича, Ўзбекистондаги мавжуд божхона постларида тамагирлик ҳолати кузатилмайди.
“Ўзбекистон божхонасининг энг зўр томони постларда умуман тамагирлик йўқ. Ҳеч ким пул сўрамайди. Аммо Қозоғистонга ўцангиз, очиқчасига пул талаб қилади”, — дейди божхона постидаги юк ҳайдовчилари.
Қўмита ахборот хизматининг “Дарё”га қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги мавжуд божхона постлари 52 та бўлиб, шундан 24 тасида фақатгина юк ташувчи автомобиллар ҳаракатланади.
Божхона постида тунаб қолиш ҳайдовчилар учун 100-200 долларга тушади
“Майский”даги божхона постларида турган юк автомобили ҳайдовчиларининг маълумот беришича, постларда навбат кутиб, икки-уч суткалаб қолиб кетиш ҳайдовчиларнинг 100-200 доллар харажат қилишига сабаб бўлади.
“Пала-партиш навбатлар сабаб юк автомобиллари ҳайдовчилари битта божхона постида икки-уч суткалаб ётиб қолади. Бунақа пайтда музлаткичи бўлган юк автомобиллари маҳсулоти айниб қолмаслиги учун машинани ўт олдириб қўяди. Ва ортиқча ёнилғи сарфлашга мажбур бўлади. Шунингдек, кунлик ‘стоянка’ пули, ҳайдовчининг еб-ичиши каби харажатлар кўпаяди. Оқибатда икки-уч кунлаб навбат кутган юк автомобили ҳайдовчилари ортиқча 100-200 доллар харажат қилади”, — дейди исми сир қолишини сўраган ҳайдовчи.
Хорижга олиб чиқилаётган тарвузлар айниб қоляпти
Қашқадарёлик тадбиркор Бекзод Бердиевнинг айтишича, унга тегишли юк автомобилида музлаткич йўқлиги боис пала-партиш навбатлар сабаб маҳсулотларининг айниб қолиши кузатилмоқда.
“Менда музлаткичи йўқ юк машинаси бўлгани учун олиб ўтилаётган тарвузларим айниб қолади. Харидорлар бунақа маҳсулотларни олмайди. Музлаткичи бор машиналарга юк орцак, харажати кўп бўлади. 90-100 километр узоқликдаги Чимкентга бориб келиш учун бир ҳафталаб вақт сарфлаймиз. Илтимос, шу ҳолатларни кўриб чиқиб, ёрдам беришсин”, — дейди тадбиркор.
Суткасига 700 тагача юк автомобилини ўтказиш таклифи илгари сурилган
Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломовнинг “Дарё”га қўшимча қилишича, куни кеча Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматларининг икки томонлама сайёр учрашуви бўлиб ўтган.
“Сайёр учрашувда Ўзбекистон Республикасидан Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов ва Қозоғистон Республикасидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси ўринбосари Бакитжан Слямов, шунингдек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, иккала давлат чегара назорати раҳбарияти вакиллари иштирок этишди. Дастлаб томонлар Қозоғистоннинг ‘Жибек-Жоли’ чегара-божхона постида музокаралар олиб боришди, унда асосий эътибор шу кунларда ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган юк автотранспорт воситаларининг тирбандлигига қаратилди.
Таъкидланишича, сўнгги 5 йилда иккала давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши натижасида айнан автотранспорт воситалари орқали ташилаётган ташқи савдо юклари икки баробарга ошган. Хусусан, ўзбек-қозоқ чегараси орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари сони ҳам йилига ўртача 100 мингтага ошмоқда.
Масалан, 2023 йилнинг тўрт ойи давомида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали 331 минг 672 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 160 минг 689 тани ташкил қилган эди. Ўсиш кўрсаткичлари келгусида чегара-ўтказиш пунктларида турли ноқулайликлар ва тирбандликларни юзага келтиришини олдиндан таҳлил қилиб, иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари 2021 йил 25 декабрдаги ишчи учрашувида божхона постларини қайта қуриш ва модернизация қилиш бўйича муҳим келишувларга эришишган эди.
Ушбу келишувлар доирасида ҳозирда ‘Навоий’ (Ўзбекистон) — ‘Қоплонбек’ (Қозоғистон) чегара-божхона постларида ҳар икки давлат томонидан модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Қозоғистоннинг ‘Казигурт’ ва ‘Атамакен’ чегара божхона постларида ҳам қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Айни вақтда юртимизда пишиқчилик мавсуми ҳам бошланган бўлиб, ноябрь ойига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти кундан кунга ошади. Мазкур омиллар натижасида ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида шу кунларда жами ҳисобда мингга яқин юк автотранспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилмоқда.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонинг ‘Ғишткўприк’, ‘Яллама‘, ‘Сирдарё’ чегара божхона постлари, ‘Малик’, ‘Оқ олтин’ ўтказиш пунктлари, Қозоғистоннинг эса ‘Б.Конисбаев’, ‘Атамекен’ каби чегара божхона постларида ҳам бўлиб, мавжуд вазиятни жойида кўздан кечиришди, тирбандликда турган ҳайдовчилар билан яқиндан мулоқот қилди. Томонлар муаммони тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган таклифларни атрофлича муҳокама қилишди.
Хусусан, Ўзбекистон томони асосан кундузги вақтда фаолият юритувчи ‘Малик’ (Ўзбекистон) – ‘Сирдарё’ (Қозоғистон) ўтказиш пунктини суткалик режимга ўтказиш, шунингдек, ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг фуқаролиги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатга доир чекловларни бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда. Бунинг учун иккала давлат ўртасида 2001 йилда имзоланган келишувларга ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ‘Яллама’ (Ўзбекистон) — ‘Б.Конисбаев’ (Қозоғистон) чегара-божхона постлари орқали юк автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини суткасига 700 тагача кенгайтириш таклифи ҳам илгари сурилди. Бунинг учун қўшимча куч ва воситалар, хусусан, илғор ахборот технологияларини кенг жалб этиш назарда тутилган”, — дейди Нурбек Саломов.
Изоҳ (0)