Шавкат Мирзиёев 11 май куни бўлиб ўтаётган йиғилишда ҳудудларда энергияни тежаш масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қарши туманидаги тадбиркор 10 гектар иссиқхонани кўмирда иситиш лойиҳасини бошлаган. Лойиҳа доирасида кўмирни синтез қилиш орқали йилига 2,8 миллион куб метр газ иқтисод қилиниб, 8 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Қолган вилоятларда ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастурлар қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.
Кўмирга талаб шу йилнинг ўзида 1,5 бараварга ошиши кутилаётганини ҳисобга олиб, жорий йилда кўмир қазиб чиқаришни 5,3 миллион тоннадан 6,5 миллион тоннага олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун “Ангрен” кўмир конига 80 миллион доллар кредит ажратилади, “Шарғун кўмир”нинг биринчи линияси ишга туширилади. Шунингдек, 14 та кўмир конига тадбиркорлар жалб қилинади.
Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Ҳозирда энергия эҳтиёжини таъминлаш учун барча манбалар қатори кўмир қазиб олиш ҳажми ҳам кенгайтирилмоқда. Охирги беш йилда бу кўрсаткич йилига 4 миллион тоннадан 5 миллион 300 минг тоннага оширилган.
Тақдимотда шу борада қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берилган. Хусусан, 2023 йилда “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади. Президент “Шарғун” ва “Бойсун” конларини ўзлаштириш орқали юқори сифатли кўмир ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатиб ўтганди.
Изоҳ (0)