Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан 3 нафар фуқаро ноқонуний балиқ овлагани аниқланди.
Хабарга кўра, аҳоли мурожаатига асосан Оҳангарон туманидаги Қайирма қишлоғи ҳудудида рейд тадбири ўтказилди. Тадбир давомида Оҳангарон–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган автомобиль тўхтатилди.
1991 йилда туғилган фуқаро Б.А. бошқарувидаги автомобиль текширилганида Б.А. билан бирга 1981 йилда туғилган Д.А. ҳамда 1984 йилда туғилган Р.К.лар электр қармоқ ёрдамида балиқ овлашгани маълум бўлди. Улар жами оғирлиги 48 кг, 2950 дона балиқни нобуд қилган. Бу орқали табиатга 531 000 000 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан ҳукм чиқарилди. Унга кўра, ҳуқуқбузарлар томонидан ҳайвонот дунёсига етказилган 531 000 000 сўм миқдоридаги зарар белгиланган тартибда ундирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)