Фарғона вилоятида релсда қулоқчин тақиб ўтирган 28 ёшли йигит поезд босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Бу кун” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тоннги соат 06:00 ларда Учкўприк туманида яшовчи 28 ёшли йигит темирйўл бўйлаб кетаётганида телефонга чалғиб, релсга ўтирган. Шу вақт Бувайда—Қўқон йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди уни босиб кетган.
Маълумотларга кўра, Фарғона вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси хизмат ҳудуди 243 километрни ташкил этади. Ушбу ҳудудда жами 53 та кесишма мавжуд бўлиб, уларнинг 18 таси қамровга олинган (қўриқланадиган), 35 таси вақтинча қўриқланмайдиган ҳисобланади.
Поездлар билан боғлиқ фожиали ҳолатлар
2022 йилда Тошкент вилоятида бир кунда икки киши поезд уриб кетишидан вафот этгани, Жиззахда поезд темирйўлда қулоқчин тақиб кетаётган фуқаро сабаб фавқулодда тўхтагани, Тошкент—Хўжакент поезд йўлида ухлаб қолган маст фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолингани тўғрисида хабар берилганди.
Шунингдек, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида “Афросиёб” тезюрар поезди икки нафар болани уриб кетган эди. Бундан ташқари, Россияда ўзбекистонлик йигитни поезд босиб кетгани, Қорақалпоғистонда поезд босиб кетган эркакнинг боши узилиб тушгани ҳақида маълум қилинганди.
Изоҳ (0)