Тошкентда энагага ташлаб кетилган 3 яшар қиз вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Марҳуманинг онаси воқеа ҳақида айтиб берди.
Аёлнинг сўзларига кўра, 2019 йил собиқ турмуш ўртоғи билан никоҳ ўқитиб, яшай бошлаган. 2020 йил қиз фарзанди туғилган. Орадан бир йил ўтиб улар ажрашгач, аёл ижарада яшай бошлаган. Шундан сўнг қизини қараб туриши учун синфдошига топширган. 1 март куни қизчанинг туғилган куни бўлган. Аёл уни кўргани келганида пешонасида ғурра кўрган.
“Болам кичкина эди, синфдошим, яъни қизимнинг энагаси билан яхши гаплашиб юриб, шароитимни тушунтирдим. Боламга қараб беришини айтган. Туғилган кунига борганимда пешонасида ғурра кўрдим ва юзлари шилинган эди. Ҳайитдан кейин 23-санада телефон қилди, аниқ эсимда бор. Боламни олиб кетаман, соғиндим, дедим. 25-да эрталаб боланг ўлди, деб айтди. Уйига борсам болам ростдан ўлган экан. Кўриб бўлмайдиган даражада эди. Менга зинадан йиқилиб тушди, деди. Қулоқлари, бўйинларигача шилинган эди. Бир ойда 4 маротаба хабар олар эдим. Энагадан қайтариб олиш ниятим бўлган, бошқа энага ҳам қидирдим, яқин синфдошим бўлгани учун ишончим бор эди”, — дейди у.
Энаганинг қайнонаси қизча 3 ойдан буён уларнинг уйида яшаб келганини айтган.
“Келинимнинг ўртоғи бўлган. Бошида кўп маротаба рад қилган эдим. Онасини шу кунгача кўрмаганман, кеча кўрдим. Гаплари бўйича отаси уйидан ҳайдаб юборган. Кўчада юриб туғиб олган. Уйим йўқ, ёрдам бер, қизим менга ишлашга халақит беряпти, деб келинимни олиб қолишга ундаган. Сменда бўлган вақтимда олиб келиб ташлаган. Қизни кўрганимда биринчи ўзим қўрқдим. Кўринишидан касаллиги билиниб турар эди. Оёғи оғриди, шифохонага олиб бориб кўрсатдик, дори-дармон олдик, набирамдек қарар эдим. Сочи тўкилаверарди, қоқилиб-йиқилиб юрар эди. Келиним бечора унга ҳеч қандай ёмонлиги йўқ эди, ўз боласидек қараган.
Ишдан кириб келсам, келиним қичқираётган экан. Ошхонада тили кетиб қолган, судурги берган. Келиним шу билан овора экан. Қўлимга олиб спирт ҳидлатдим, ўшанда нафас олгандек бўлди. Кейин ётқизиб сунъий нафас бериб, тез тиббий ёрдам чақирдик. Подвалга зинадан думалаб йиқилиб тушган экан. Онаси биринчи келганида ҳеч қандай даъвом йўқ деди, кейин эса жанжал бўлиб кетди”, — дейди аёл.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи Ш.Н. процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)