Суданда хавфли касалликлар намуналари сақланган биологик лаборатория жангарилар томонидан эгаллаб олинди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) мамлакатдаги вакили Нима Саид Обид хабар берди.
Ташкилот вакилининг сўзларига кўра, Судандаги ҳарбий базага айлантирилган биологик лабораторияда полиомиэлит, вабо ва қизамиқ намуналари бор. Биологик лаборатория директори можаро тарафларидан бири лабораторияни ҳарбий базага айлантирганини айтган.
“Соғлиқни сақлаш тизимининг марказий лабораториясини эгаллаб олиш билан боғлиқ катта биологик хавф мавжуд”, — дейди ЖССТ вакили Нима Саид Обид.
Суданда 15 апрелдан бери Муҳаммад Ҳамдан Дагло қўмондонлигидаги Тезкор ҳаракат кучлари (РРФ) ва армия ўртасида жанглар давом этмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирига кўра, тўқнашувлар қурбонлари сони 600 нафарга етган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қуролли можаролар давомида 459 киши ҳалок бўлгани, 4072 киши жароҳатланганини айтмоқда. Судан шифокорлари касаба уюшмасига кўра, тўқнашувлар бошланганидан бери 256 киши ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)