Афғонистонда рамазон ойи тугаши ва Рамазон ҳайити бошланиши муносабати билан 2 460 нафар маҳкум қамоқхоналардан озод қилинади. Тегишли буйруқ Афғонистонда 2021 йил августидан буён ҳокимиятни назорат қилиб келаётган “Толибон” олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан чиқарилган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали “Толибон” Олий суди баёнотига таяниб хабар бермоқда.
“Мўминларнинг олий етакчиси(“Толибон” ўз раҳбарини шундай атайди — “Дарё” изоҳи)нинг кўрсатмаси ва Олий судьянинг буйруғи билан амнистияга учраган 2 460 нафар маҳкум мамлакатдаги барча қамоқхоналардан озод қилинади”, — дейилади Олий суд баёнотида.
Фармонга кўра, яна 471 нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилади.
Афғонистондаги умумий репрессив сиёсат фонида “Толибон” байрам муносабати билан кўплаб маҳбусларни афв этди. Бироқ Олий суд баёнотида озодликка чиққан маҳкумлар тоифаларига аниқлик киритилмаган. Эслатиб ўтамиз, Афғонистон қамоқхоналарида оддий жиноятчилар ҳам, террорчилик ва толибларга қарши гуруҳлар жангарилари ҳам, ижтимоий фаоллар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати аъзолари ва журналистлар ҳам бор.
Аввалроқ Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Қадр кечаси шарафига қамоқдаги 463 нафар маҳкумни афв этганди. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига афв этилган шахсларни ишга жойлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилгани хабар қилинган.
20 апрель куни Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида қилмишидан пушаймон бўлган 541 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисида фармон имзолади.
Изоҳ (0)