Қашқадарё вилоятида 48 ёшли солиқ инспекцияси мансабдори вафот этди. Бу ҳақда “Дарё”га марҳумнинг аёли хабар берди.
Маълум бўлишича, марҳум Адҳам Аманов 2023 йилнинг 11 апрель куни шифохонада вафот этган.
“2023 йил 11 апрель куни турмуш ўртоғим иш вақтида иш жойида вафот этди. У киши 48 ёшда эди. Эрим Қашқадарёда солиқ соҳасининг етук мутахассиси ва фидокор ходими эди. У киши қисқа умри давомида вилоятда бўлим бошлиғи, бир неча туманларда раҳбар лавозимларида ишлаганди”, — дейди марҳумнинг хотини.
Вилоят Солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фирдавсий Жабборов марҳумнинг ўлимини тасдиқлади.
Таъкидланишича, марҳум 2023 йилнинг 23 март куни бошқармадаги вазифасидан олиниб, Миришкор туманига туман Солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Бошқарма масъулларининг аниқлаштиришича, марҳум ўлими содир бўлган куни эрталаб Миришкор туманига ишига борган. Тоби бўлмагач, шифохонага борган ва шифохонада вафот этган.
Марҳумнинг яқини Адҳам Амановнинг ўлимида учинчи шахсни айбламоқда. “Дарё” мурожаатчи томон фикри билан чекланиб, бу айбловни оммага ошкор этишдан тийилган ҳолда суриштирув олиб борилаётганини, қўшимча маълумотлар ошкор бўлса, бу ҳақда батафсил тўхталишини маълум қилади.
Изоҳ (0)