Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мамлакатда аэровокзал, темирйўл ва автобус вокзалларида хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.
“Аэровокзал, темирйўл ва автобус вокзалларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
- аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисида;
- темирйўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темирйўл вокзалларида (станцияларида) бўлиши тартиби тўғрисида;
- автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиши тартиби тўғрисида.
Шунингдек, қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, жумладан аэровокзал мажмуалари биноларига кириш жойларига яқин келиб тўхташ учун фақат йўналишсиз ва йўналишли таксиларга рухсат этилади, шахсий автомобиллар ва жамоат транспорти йўловчиларни ва ташриф буюрувчиларни олиб кетиш ва олиб келиш учун мўлжалланган автомобиль тураргоҳи ва тўхташ жойларига йўналтирилади.
Эстакададан фойдаланиш учун йўловчи ташиш автотранспортларига рухсат берилади. Бунда енгил автотранспортларга эстакадада 5 дақиқагача ҳамда автобус ва микроавтобус автотранспорт воситаларига 10 дақиқагача тўхтаб туришга рухсат берилади.
Барча турдаги автотранспорт воситалари аэровокзаллар мажмуалари чегарасидан 30 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилади.
Бундан ташқари, темирйўл вокзалларида кўздан кечиришдан ўтиш вақти йўловчиларнинг поездга чиқишга кечикиши учун шарт-шароитлар яратмаслиги зарурлиги айтилди. Бунда кўздан кечириш вақтини қисқартириш мақсадида кўздан кечириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга йўл қўйилмайди.
Изоҳ (0)