“Дўстлик” чегара-божхона постидан гашиш гиёҳвандлик моддасини олиб ўтишга уринган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Андижон вилояти Божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара-божхона постидан ўтаётган фуқаронинг хатти-ҳаракати шубҳали кўринган ва у мутахассислар томонидан алоҳида кўрикка жалб этилган. Кўрик давомида у 491 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини қорин қисмига боғлаб олиб ўтишга урингани фош бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти Божхона бошқармаси инспектори Сардор Ўринбоевга кўра, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 16 та ҳолатда жами 4 килограмм 760 граммни ташкил қилувчи гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, шунингдек, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)