Сирдарё вилояти Боёвут туманида 201 кг истеъмолга яроқсиз мол гўшти олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Боёвут туман бўлими томонидан ИИБ, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаро А.А. Nexia юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 201 килограмм истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Гулистон шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)