Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини бугун дунёнинг турли бурчакларида учратиш мумкин. АҚШдан Жанубий Кореягача, Россиядан Ямангача. Уларнинг касбий малакалари, салоҳиятлари турлича. Айримлари бутунлай кўчиб кетган бўлса, кўпчилиги вақтинчалик иш билан банд.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, 2 миллиондан 5 миллионгача ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2022 йил октябрь ойида берган маълумотларига кўра, хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони 2 миллиондан ортиқ.
Биз дунёнинг турли давлатларида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан уларнинг фаолияти, хориждаги ҳаёти, яшаш ва ишлаш жойларидаги шароитлар ҳақида суҳбатлашдик. Эътиборли жиҳати шундаки, суҳбатдошларимизнинг барчаси олий маълумотли кадрлар. Улар турли сабаблар билан хорижга кетишган. Яхшиси, барчасини ўзларидан эшитсак.
Ўзбекистондан ташқарига ишлаш учун кетиш фикри қандай пайдо бўлди? Сизни нима мажбур қилди?
Беҳзод Шукуров, Бухоро вилоятидан. Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Ҳозирда Россияда меҳнат қилади.
“Тўғрисини айтсам, бундай фикрга келишимга Ўзбекистонда маош камлиги сабаб бўлган. Буни яширишнинг ҳожати йўқ, ҳеч ким мажбурламаган мени. Россияга 2021 йилда ишлашга келганман. Ундан олдин ўқитувчи бўлиб ишлар эдим, дарс берар эдим. Маош 1,5 миллион сўм атрофида эди. Маошим оилавий харажатларга етмасди. Ортиқча даромад орттириш учун келганман”.
Бобуржон Тоҳиров, Жиззах вилоятидан. Ҳозирда Италиянинг Генуя шаҳрида фаолият юритади. Мутахассислиги – муҳандис-механик.
“Ўзбекистондан ташқарига айнан иш излаб кетмаганман, 2017 йилда ўқишимни магистратурада давом эттириш учун Италиянинг Турин шаҳрига келганман. Унгача Жиззах аккумулятор заводида ишлардим. 2 йиллик иш фаолиятимдан кейин ўқишимни чет элда давом эттириш фикри уйғонди ва магистратурага ҳужжат топширишга қарор қилдим”.
Ширин Абдураззоқова, Андижон вилоятидан. АҚШда фаолият юритади. Мутахассислиги - иқтисодчи. Андижон давлат университетини тамомлаган.
“Ўзбекистондан ишлаш учун кетиш фикри бўлмаган бошида. Университетда ўқиган пайтим, чет элда ўқиб қайтаман, шу ерда ҳамма нарсага эришаман деб ўйлардим. Битиргач эса 1 йил иш тополмаганман. Кейин магистратурага келганман АҚШга. Бошида қайтиб кетаман битириб деб юрардим. Бора-бора икки давлат орасидаги фарқни кўриб, қолишга қарор қилганман”.
Умид Миллабуваев, Фарғона вилоятидан. Ҳозирда Германияда фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тугатган.
“Ўзбекистондан ишлаш учун чет элга кетиш фикри Фарғона давлат университетида ишлаб юрган пайтларим келиб қолди. Бунга сабаб билимларни ошириш, қўшимча тил ўганиш. Иккинчи сабаб, вазият шу даражада бўлдики, олган маошим оиламнинг камчиликлари учун кетади. Ижара ҳақи, озиқ-овқат, тўловлар каби харажатлардан уй-жой олишга пул орттиролмадим бир йил давомида. Онам ҳам бир муддат биз билан яшади. Оилада катта фарзанд бўлганим учун уйдан ижарага чиқиб кетганман. Фарғона давлат университетида француз тилидан дарс ўтиб юрардим.
Шу вақтларда иш жойимизга немислар келди. Немис тилини биладиган устоз ва талабалар билан учрашув қилиш учун. Мен ҳам немис тилини биладиганлар билан бирга суҳбатга бордим. Немис тилини билмаганим учун суҳбатдан ўтишим амри маҳол эди. Чунки немис тилини билмасдим. Француз ва инглиз тилларини билардим. Лекин суҳбатдан ўтдим. Шундай қилиб, Германияга келиб ишлашимнинг сабаби иккита нарса: уй-жой олиш ва шахсий ривожланиш. Шахсий ривожланишни Ўзбекистонда ҳам давом эттириш мумкин эди. Лекин ҳаммаси бориб моддий аҳволга тақалади. Оладиган иш ҳақим ўзимдан, оиламдан ортмасди. Ҳеч қанақа мақола ва китоб сотиб олишга етмасди”.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига келсак, худди шундай иш учун сиз ишлаётган жой ва Ўзбекистон ўртасидаги фарқ қай даражада?
Беҳзод Шукуров:
“Маошларни солиштирадиган бўлсак, бу ерда худди шу иш учун 2,5 минг рубль (тахминан 350-400 минг сўм) кунлик иш ҳақи бўлса, Ўзбекистонда узоғи билан 200 минг сўмгача тўлаши мумкин. Бу ердагидек маош тўланмайди. Чунки ўзимизда ишчи кучи арзон, ишсизлик юқори. Бу ерда бундай оғир меҳнатда асосан мигрантлар ишлашга рози бўлади. Маҳаллий аҳоли бундай қора меҳнатда ишлашни хоҳламайди. Икки йилдан буён шу соҳада ишлаётган бўлсам, фақатгина раҳбарлар маҳаллий бўлиши мумкин”.
Бобуржон Тоҳиров:
“Ўзбекистонда ҳам сўнгги йиллардаги сифатли кадрларга талаб меҳнат бозорида яхши ўзгаришларга олиб келди, баъзи иш қидирув сайтларини ўрганиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, ҳозир олаётган ойлигимга яқин ойликни Тошкентда ҳам топа олишим мумкин. Лекин вилоятлардаги ойлик маошлар ҳақида бундай дея олмайман”.
Ширин Абдураззоқова:
“Меҳнатга ҳақ тўлашда фарқ жуда катта. Лекин чиқимлар фарқиям катта, шуни ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳозирги ишимга келгунча жуда кўп ишларда ишлаганман. Фаррошдан тортиб, магазин кассасигача. Лекин ҳаммасида меҳнатингизга яхши ҳақ тўланади. Ҳозирги ишим юк ташиш компаниясида хавфсизлик бўлимида. Бу ишга оддий бир одамнинг тавсияси билан суҳбат орқали кирганман. Пул, таниш-билишчилик йўқ. Компания эгалари инглиз тилини биладиган ходим қидиришган ва мен келганман. Айнан шу бўлимда ёрдамчиларим бор эди Тошкентда. Мендан 5-6 баробар оз тўланарди уларга. Мен ҳозир шу соҳада уйдан ишлайман. Эски катта компаниядан кетганим сабаби яқинда фарзандли бўлдим”.
Умид Миллабуваев:
“Мен Германиянинг Bade-Vurtenberg деган вилоятига келдим. Бу ерда Rust деган кичик шаҳарчада Europa park’да ишлашни бошладим. Паркнинг номи шундай. Шу паркда ишлашни бошладим. Асосан сервис соҳасида, яъни меҳмонларга хизмат кўрсатиш соҳасида. Бунда соатига қараб ҳақ тўланади. Бир соатига 14 евродан тўланади. Бир иш кунимиз 8 соат 25 минутни ташкил қилади. Умумий ойлик миқдори 2550 еврони ташкил қилади. Лекин бундан ташқари, якшанба кунлари, байрам кунлари, кечки вақт ишлаганимиз учун қўшимча маош оламан.
Ўзбекистонда ишлаганимда ҳам ёмон ойлик олмасдим. Яхши ойлик олардим. Лекин бу ердаги сарф-харажатлар билан Ўзбекистондаги сарф-харажатларни таққослаб бўлмайди. Сабаби, бу ерда бир ҳафталик ойлик маошга бир ой яшаса бўлади. Жой муаммоси бу ерда ҳам бор. Лекин бизга парк томонидан арзонлаштирилган уйлар бор. Шу ерда турамиз. Бу бизга жуда қулай. Ўзбекистондаги ишимни жуда яхши кўраман. Ўқитувчиман, талабаларимни жуда яхши кўраман. Аммо мен уй–жой, машина сотиб олишим учун, илмий ишимни давом эттиришим учун етарли маблағ тополмадим. Шунинг учун шу ерга келиб ишлаяпман”.
Иш топишда муаммолар бўлмаганми? Ҳозирги ишингизни қандай топгансиз? Танишлар орқалими ёки расмий бирор канал орқалими? Умуман, ўзбекистонликлар учун ушбу давлатда иш топиш қанчалик осон ёки қийин?
Беҳзод Шукуров:
“Биринчи марта келганимда, иш топиш билан боғлиқ муаммолар бўлган. Ҳозирги иш жойимни қариндошлар, танишлар таклиф қилган. Ўзбекистондан Россияга ёки бошқа шаҳарларга фуқаролар биринчи марта келадиган бўлса, рус тилини билиши, ҳужжатлари тўлиқ бўлишидан қатъи назар, иш топишда муаммолар бўлади. Чунки яхши ҳақ тўланадиган жойларга Россия иш берувчилари чет эл фуқароларини ишга олмайди.
Тожик, ўзбек, қирғиз бўлишидан қатъи назар, кам иш ҳақи тўланадиган жойга сиз рози бўлмайсиз. Кунлик 1500-1800 рублга иш бор. Лекин ундай маошга сиз рози бўлмайсиз. Чунки ҳужжат муаммоси, уй–жой, овқатланиш. Даромад кам бўлса, бунақа ишда ишлашни хоҳламайсиз. Шахсан мен билан иш топиш муаммолари бўлган. Лекин қариндошлар ёрдами билан иш топганман”.
Бобуржон Тоҳиров:
“Кўнгилдаги ишни топиш нафақат Италияда, балки бутун Европада машаққат! Битирувчилар сонининг кўплиги, кадрларга талабнинг жуда баланд қўйилишига олиб келган. Ўқишни битиришимга оз қолганда иш қидиришни бошлаганман. Асосий платформа LinkedIn ҳамда университетнинг иш портали(иш берувчилар университет веб-сайтида иш жойларини қўйишлари мумкин) бўлган. Ҳозирги ишимга жойлашгунча 400 дан ортиқ ишхонага резюме жўнатганман ва 10 дан ортиқ ташкилот билан интервьюларда қатнашганман. Италияда нафақат ўзбекистонликлар, балки бошқа чет элликлар учун ҳам иш топишдаги энг катта муаммо - италян тили. Иш берувчиларнинг 95 фоизи италян тилини билувчи кадрларни афзал кўради”.
Ширин Абдураззоқова:
“Иш топиш муаммо эмас. Тил билсангиз, унданам яхши. Лекин бизда кўп ватандошлар тил билишмайди ва асосан энг кам иш ҳақи тўланадиган ишларда ишлайди. Аммо бизнеслар очиб, ўқиб, муваффақиятга эришганлариям кўп”.
Умид Миллабуваев:
“Иш топиш масаласига келадиган бўлсак, бошида айтганимдек, немисларнинг ўзлари борган Ўзбекистонга суҳбат қилиш учун. Бу ҳақдаги хабарни ишлаб турган жойимдаги немис тили ўқитувчилари орқали топганман. Бу ерда бутун дунёдан келган меҳнат муҳожирларига шароитлар яхши. Ҳар томонлама уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган. Масалан, куни кеча бир ҳодиса сабаб бир ҳафта иш ҳақидан узилмаган ҳолда даволанишга рухсат беришди. Шифохонага олиб бориб, олиб келган транспорт харажатини ҳам тўламадим. Бунга сабаб қилиб бир нарсани айтиш мумкин.
Биз олаётган ойликдан олиб қолинадиган солиқлар шу харажатларни қоплашга ҳам ажратилади, яъни солиқ суғуртасига. Ҳозирда бу ерда кўплаб марказий осиёлик, россиялик муҳожирлар яшайди. Бир пайтлар бизда яшаган немислар ҳам бор ҳаттоки.
Сиз олий маълумотлисиз, олий маълумот дипломи билан Ўзбекистоннинг ўзида карьера қилиш нияти бўлмаганми? Масалан, Ватан соғинчи, ота-она, қариндошларни эслаб, "бўлди, кетаман уйимга" деб ўйлаб қолган вақтларингиз ҳам бўлгандир? Ҳар сафар Ўзбекистонга келгандан кейин яна қайтиб кетиш ҳиссиёти қандай бўлади? Қолгингиз келадими ёки кетиш истаги устунроқ бўладими?
Беҳзод Шукуров:
“Олий маълумотли бўлиб, карьера қилиш ниятим бўлган. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Ишдан чарчаган пайтларим кетгим келади, лекин иложим йўқлигидан юрибман. Ўзбекистонда таълим соҳасида ишлаб, тоифани кўтариш ҳақида орзу бўлган. Ҳаммаси бориб моддий аҳволга тақалади. Соғинч бўлади, албатта, чет элда юрасиз, ишлайсиз, бу ердаги қийинчиликлар билан кетгингиз келади. Ватан соғинчи, оила, фарзандлар, қишлоқ, таомлар... ҳаммасини соғинаман. Ҳозир ҳам кетгим келади. Бошқа қайтиб келгим келмайди. Шу охирги келишим”.
Россиядан бошқа бирорта давлатга кетиш фикри бўлмаганми? Европагами, Америкагами?
— Россиядан бошқа давлатга бориб ишлаш ёки ўқиш орзуси бўлмаган. Фақат пул топиш мақсадида Россияга келганман.
Бобуржон Тоҳиров:
“Ўзбекистонда карьера қилиш нияти менда ҳар доим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Ҳамма нарсанинг вақт-соати бор деб ўйлайман. Оила, ватан соғинчи бу ҳар бир мигрантнинг энг огриқли нуқтаси деб биламан. Ўзбекистонга борганда, албатта, оила даврасида, дўстлар атрофида бўлиш ёқимли, лекин ҳар доим ҳам истакларимиз ва мақсадларимиз бир нуқтада кесишавермайди ҳаётда.
Нега айнан Италия? Италия сизни нимаси билан ўзига жалб қилган? Бошқа Европа давлатларига борган бўлсангиз, улардан қандай фарқланади?
“Италияни танлашимга энг катта сабаб – бакалавр даражасини Тошкентда Турин политехника университетида олганим бўлган. Магистратурага ҳам айнан шунинг учун Турин политехника университетини танлаганман. Италия ўз табиати, қадимий ёдгорликлари билан ажралиб туради. Ҳар бир регионнинг бир-бирини такрорламайдиган ўзига яраша турмуш тарзи, овқатлари, маданияти бор. Италияликлар қайсидир маънода биз ўзбекларга ҳам ўхшаб кетишади, оила улар учун энг муқаддас тушунча, италияликларнинг болажонлиги ҳам алоҳида мавзу. Италиянинг бошқа Европа мамлакатларидан фарқланадиган жиҳати - унинг овқатлари ҳамда табиати. Албатта, Италия қирғоқларини ювиб турувчи денгизлар ҳам. Шунингдек, об-ҳавонинг қулайлиги ҳам (қишда 0 дан деярли пастга тушмайди) яшаш учун жуда яхши муҳит яратади”.
Ширин Абдураззоқова:
“Ўзбекистонда карьера қилиш нияти бўлган, лекин, айтганимдек, диплом билан таниш-билишсиз иш тополмаганман 1 йил. Бизда эса босим кучли. Эрга берамиз дейишган. Эрга теккандан кейин эса ўзингиз биласиз, кўпинча аёлларда карьера умуман тугайди. Ота-она, ватан соғинчи бўлади, баъзида кетгим ҳам келарди, лекин борганимдан кейин афсусланишимни биламан.
Бу ердаги эркинлик, инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонда бор деб ўйламайман. Ўзбекистонга ҳали у ердан кетганимдан сўнг бориб кўрмадим, лекин жудаям боргим келади. Оиламни, дўстларимни, ўзимизнинг миллий овқатларимизни, миллий маҳсулотларни жуда соғинаман. Албатта, яқинлар олдидан кетиш ёқимсиз бўлади, лекин энди менинг ҳаётим шу ерда. Шунинг учун қайтиш унчалик қийин бўлмайди”.
Аёл бўлиб хорижда ишлаш қандай? Қандай қийинчилик ва афзалликлари бор?
“Аёлми, эркакми бу ерда меҳнат қилсангиз, ўқиб-ўргансангиз, деярли фарқ қилмайди. Агар ўзимизнинг одамлар ичида ишласангиз, бу қийинроқ. Стереотиплар шу ердаги одамлар ичида ҳам бор. Масалан, бу ерда катта фура машинани эркаклар ҳайдайди, мен ҳам шунинг правасини олиб ишга чиққанман. Шунда сезилган Ўзбекистондагидек босим. Яъни, қиз болага нима бор, эрга тегса бўмайдими ундан кўра, деган гаплар. Қиз боланинг ишимас бу деган. Каттароқ масштабдаги жамиятда эса муаммо кўрмадим аёллигим боис. Аксинча, ҳамма сизга ёрдам беради йўлларда, шу машинада юрганингиздаям, қўллаб-қувватлашади”.
Миллабуваев Умиджон:
“Ҳа, ҳақсиз, мен олий маълумотлиман. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бакалавр ҳамда магистратура босқичини тугатганман. Бундан ташқари, Франциянинг Блез Паскал университетида магистратурада ўқиганман. Ўз юртимда жон деб ишлашга, жон деб яшашга тайёрман. Лекин юқорида айтиб ўтилган сабаблар туфайлигина бу ерда ишлаб юрибман. Биз ажойиб миллатмиз-да, бошқаларга ўхшамаганмиз. Борган жойимиз қаерда бўлса ҳам, ватанга қайтишни истаймиз. Ҳатто Францияда ўқиб юрган пайтимда ҳам охирги ойларда кун санаганман.
Бу ерда ҳам худди шундай. Ватан соғинчи, ота-она соғинчи одамни қийнайди. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Тилла тухум бўлса ҳам қолиш ниятим йўқ. Барибир қайтиб кетаман Ўзбекистонга. Мана, яқинда таътилга бораман бир ой муддатга. Энди қайтгач, янада солиштириш имконияти бўлади. Карьера қилиш ниятим бор. Ҳозирча шахсий ривожланиш устида ҳам ишлаяпман. Қайтгач, соҳам бўйича ишлашни яна давом эттираман. Туризм соҳасида ҳам фаолият олиб бораман. Асосий ишимдан бўш вақтларимда, албатта. Мен Ўзбекистонда туғилганимга шукр қиламан”.
Нега айнан Германия? Франция ёки Канада, ёки АҚШ эмас? Германиянинг бошқа давлатлардан устун ёки ожиз тарафлари қандай айнан меҳнат бозорида?
“Германия танлови тасодифан бўлиб қолди. Лекин Европада Германия Франциядан анча устунликка эга. Ойлик маош ҳам кўпроқ. Ҳатто французлар ҳам Германияга ишлашга келади. Германияни АҚШ ёки Канада билан солиштириш қийинроқ. Лекин ҳар бирининг ўзига хос томонлари бор. АҚШда кўп нарса фақат бюрократия билан тўсиб ташланмаган.
Германияда эса барчаси тартиб билан ишлайди. Бюрократия жуда кучли деса ҳам бўлади. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос манфий ва мусбат тарафлари бор. Канада эса совуқроқ мамлакат. Канадага ҳам кетишим мумкин эди, лекин омад Германияга кулиб боқди. Аммо, юқорида айтганимдек, барибир ватанга қайтиш ҳисси ортиб бораверади”, — дейди Миллабуваев Умиджон.
Кўрганимиздек, барча суҳбатдошларимиз олий маълумотли, салоҳияти юқори кадрлар. Уларнинг хорижда ишлаш сабаблари ҳам, шароитлари ҳам турлича. Уларнинг келажакдаги ишларига ва фаолиятларига муваффақият тилаб қоламиз.
Жаҳонгир Остонов суҳбатлашди
Изоҳ (0)