Олий Мажлис Сенати 6 апрель куни хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқиб, маъқуллади. Президент администрацияси шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу қонун ҳақида муносабат билдириб, кураш ҳамма учун жуда қийин кечганини айтди.
“Президент имзолагач, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган ушбу ўзгартиришлар кучга кирса, биз ниҳоят тажовузкорларни жавобгарликка тортиш орқали аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қила оламиз”, — деди у.
Саида Мирзиёева эндиликда вояга етмаган шахс билан алоқа жамоат хавфи бўлмаган жиноятлар тоифасидан оғир жиноят қаторига ўтганини таъкидлади.
“Биз вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилган ва қамоқдан қутулиб қолмоқчи бўлганлар учун бўшлиқларни ёпамиз. Энди бу қилмиш узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. Бу эса давлат ҳар қандай зўравонликка қарши қатъий курашаётгани ҳақида жиноятчиларга яққол ишора!”, — дейди Президент администрацияси шўба мудири.
Саида Мирзиёева бу ўзгаришлар учун ҳаракатлар жуда узоқ вақтдан бери давом этаётгани, қийин ва узоқ йўлнинг ҳали бошланиши эканини қайд этиб, қонун билан боғлиқ жараёнларга алоқадор бўлган ва қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди.
Изоҳ (0)