Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган ташвиқот тадбирларининг навбатдагиси ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ташаббуси билан Амударё туман ҳокимлигида ташкил қилинди.
“Биз очиқлик ва ошкораликни танлаймиз” шиори остидаги ушбу тадбирда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, сенатор Баҳодир Тожиев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тумандан сайланган депутатлар, Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, партия фаоллари, ўқитувчи, фермер ва ёшлар иштирок этди.
Партия етакчиси ҳамда сенатор Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берди. Ҳужжат юртимизда қонун устуворлигини таъминловчи мустаҳкам хуқуқий пойдевор — келажагимизнинг ишончли кафолати экани, уни ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доира вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганини баён этишди.
Лойиҳа умумхалқ муҳокамаларига қўйилганидан сўнг, 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани, улар эътиборга олинган. Шунга кўра янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституциясига айланди. Ушбу жарайонда партия фаоллари ҳам ўз таклифлари билан иштирок этиб, бидирган таклифлари лойиҳада ўз аксини топганлиги алоҳида эътироф этилди.
Масалан, Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлари белгиланяпти.
Шунингдек, Конституцияда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланиши катта аҳамиятга молик.
Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Бош қомусимизда белгилаш — партиямиз аъзолари ва электорати учун айни муддао бўляпти. Мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ҳам рағбатлантиради.
Тадбирда сўзга чиққан фахрий ўқитувчи Турсунбой Абдуллаев, 82-мактаб директорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Моҳира Юсупова, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори Барно Самандарова ва бошқалар “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ референдумида овозга қўйилиши ва референдум жорий йилнинг 30 апрель кунига белгилангани, ушбу тарихий ҳодисага бефарқ бўлмасликни айтиб, янгиланаётган Конституция учун овоз беришга чақирди.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда туман маданият бўлими хонандалари Ватан, тинчлик ҳақидаги қўшиқларни ижро этиб, иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси
кенгаши матбуот хизмати
Изоҳ (0)