Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 1 700 нафарга яқин ўқитувчи тўққиз ой давомида маошига қўшимча тарзда 5 миллион сўм миқдорида қўшимча устама пули олади. Бу ҳақда “Дарё”га Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати ходими Лайло Рустамова хабар берди.
Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарорига асосан, ўз устида доимий ишлайдиган, ўзининг ўқитиш услубига эга бўлган ўқитувчиларни яна-да қўллаб-қувватлаш мақсадида вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагогларни саралаш жарайонлари бўлиб ўтган.
“Бир неча босқичда ўтказилган синовларда ’Бошланғич таълим’, ’Аниқ ва табиий фанлар’, ’Хорижий тиллар’, ’Ижтимоий фанлар’ ва ’Амалий фанлар’ йўналишларида номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражаси баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, Ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилган 5 000 дан ортиқ номзоддан 1 697 нафари вазир жамғармасидан тўланадиган устама олиш ҳуқуқига эга бўлишди. Мазкур ўқитувчилар эндиликда 9 ой давомида (2023 йил апрель-декабрь ойлари) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида яъни 5 миллион сўм миқдорида ойлик устама олишади”, — дейди вазирлик вакили Лайло Рустамова.
Масъулларнинг қўшимча қилишича, вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама олиш учун ўтказиладиган навбатдаги синов жарайонлари ҳақида вазирлик расмий ахборот манбалари орқали хабар бериб борилади.
Изоҳ (0)