Украина расмийлари Владимир Зеленский ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида учрашув ташкиллаштиришни истамоқда. Бу ҳақда Украина президенти Associated Press агентлигига берган интервьюсида айтди.
“Биз уни кўришга тайёрмиз. Мен у билан гаплашмоқчиман. У билан кенг кўламли уруш бошланишидан олдин гаплашгандим. Аммо бу йил давомида, бир йилдан ортиқ вақт давомида мулоқот қилмадик”, — деди Зеленский.
Шунингдек, у Россия президенти Владимир Путиннинг Беларусда тактик ядровий қуролни жойлаштириш тўғрисидаги қарорини Си Цзиньпиннинг Москвага ташрифи натижалари билан боғлиқлигини тахмин қилди. Унинг фикрича, Си Россия раҳбариятига кутилган кафолатларни бермаган.
“Бу нимани англатади? Демак, ташриф Россияга фойда келтирмаган”, — деди Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, агар Россия Бахмутни олишга муваффақ бўлса, Москва Киевдан номақбул муросаларни талаб қилиши, шунингдек, бошқа давлатлар ёрдамига таяниши мумкинлигига ишонч билдирди.
Март ойи бошида Wаll Street Journal нашри Хитой раҳбари Си Зеленскийга Россияга ташрифидан кейин қўнғироқ қилишни режалаштиргани ҳақида хабар берганди. Си Цзиньпин 22 март куни Москвага сафарини якунлаган, бироқ Киев ҳалигача суҳбат ўтказилиши ҳақида расмий тасдиқ олмаган. Украина президенти офиси суҳбатни ташкиллаштиришга Хитойнинг уруш бўйича позицияси тўсқинлик қилаётганини тушунтирди.
“Бу жуда қийин. Хитой ҳали ўзининг янги сиёсий ўрнини топа олмагани масаласи бор. Яъни, у Россия ва Украина ўртасидаги келишув масаласини ўз зиммасига олмоқчими ёки эҳтиёткорлик билан четга чиқадими? Тушунишимча, Хитой ҳали буни ҳал қилмаган”, — деди президент офис раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.
Изоҳ (0)