Тошкент вилояти Янгийўл тумани собиқ ҳокими Наримон Ҳайитқулов 2011 йилда ҳоким сифатида 400 минг сўмлик ош маҳсулотини, шунингдек, 5 минг доллар пора олишда айбланиб, жавобгар қилинганини айтмоқда. Бу ҳақда “Дарё”га Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Собиқ ҳоким видеочиқишида фаолияти давомида ош учун 400 минг сўмлик маҳсулот, шунингдек, 5 минг доллар пора олишда айбланиб, ишдан кетгани-ю, жавобгар бўлганини эсга олган.
“2007 йилдан 2011 йилгача Янгийўл тумани ҳокими лавозимида ишлаганман. 2008 йилда Янгийўл туманида республикада биринчи бўлиб 8 гектарлик боғ яратганмиз. 28 та корхона ва ташкилот қурганмиз. 2009 йил биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ республикадаги барча ҳокимлар Янгийўл туманига ташриф буюриб, семинар шаклида биз қилган ишларни кўришган. Бу гапларни айтишдан асосий мақсадим — бу тадбир ҳам алоҳида кўрсатма асосида ташкил этилиб, айнан шу тадбирдан сўнг мени 5 минг доллар пора олиш, қолаверса, шу тадбирни ўтказиш учун 400 минг сўмлик ош маҳсулотларини олишда айблашган”, — дейди собиқ ҳоким Наримон Ҳайитқулов.
Наримон Ҳайитқуловнинг эсга олишича, 2009 йил Янгийўл тумани пахта заводининг собиқ бошлиғини тергов қилиш пайтида завод директоридан унга қарши кўрсатма олиниб, 2011 йилда жавобгарликка тортишган.
“2009 йилда Янгийўл тумани пахта заводининг собиқ раҳбарини жиноий жавобгарликка тортиш вақтида собиқ директордан менга қарши кўрсатма олиниб, семинарда 400 минг сўмлик ош маҳсулотини олишда, 5 минг доллар пора олишда айблашган. Ваҳоланки, бу айбловлар ҳеч қандай далиллар билан исботланмаган. Собиқ директор кўрсатмасида у пулни мен ўтирган жойга келиб, костюмимнинг чўнтагига солиб кетганини айтган. Бу лекин исботланмаган. Янгиланаётган конституциямизнинг 28-моддасида эса бунақа ҳолатларга алоҳида урғу берилиб, шахсга нисбатан бўлаётган кўрсатмаларга далиллар бўлмаса, шахснинг фойдасига ҳал этилиши кераклиги белгиланган. Бундан ташқари, қариндош-уруғчилик бўйича ҳам тўхтаб ўтилган ва бирор-бир шахс қамалганда унинг қамалгани қариндошларига таъсир кўрсатмаслиги белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан янгиланаётган конституцияни қўллаб-қувватлаб, барчани референдумда фаол бўлишга чорлаб қоламан”, — дейди собиқ ҳоким.
Изоҳ (0)