Сўнги йилларда Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллик билан ижро этилмоқда. Масалан, 2022 йилда бюджет дефицити 4 фоиз миқдорига етди. Мазкур ҳолат иқтисодчилар ва жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедов “Дарё” мухбири билан суҳбатда мазкур масалага изоҳ берди.
“Бу табиий ҳол”
Сўнги йилларда давлат бюджети тақчиллик билан ижро этилмоқда. Бу бўйича фуқароларда турли эътирозлар ва тушунмовчиликлар юзага келишини кўриш мумкин. Лекин бундай ҳолат кўплаб ривожланаётган давлатлар тажрибасида ҳам кўринмоқда. Халқаро экспертлар билан мазкур масалани кўп муҳокама қилганмиз. Бюджет тақчиллиги ривожланаётган давлатлар ривожланишлари учун табиий ҳолат деб баҳоланади. Бу бўйича халқаро валюта жамғармаси билан ҳам ишлаганмиз.
Жорий йилдан бошлаб давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизидан ошмаслиги керак, деган чегара ўрнатилди. Яъни Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган маблағларни ажратиш, давлат қарзини ҳам келажакда белгиланган чегарадан ўтмаслигини инобатга олиб бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоизидан оширмаслик белгиланди.
Умуман олганда, бюджет тақчиллигини турлича муҳокама қилиш мумкин. Биз бу тақчилликка янги иш ўринлари, фуқароларимизга янги имкониятлар деб қарашимиз керак. Давлат бюджети харажатларининг асосий таркибини кўрадиган бўлсак, унинг 60 фоизга яқини бевосита ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу маблағлар ўз навбатида аҳолини моддий қўллаб-қувватлашга ажратилади. Бунда салбий жиҳатларни кўрмаяпман.
“Бюджет харажатлари камайтирилмайди”
Давлат бюджети харажатлари камайтирилиши бўйича аниқ режалар мавжуд эмас. Тўғри, айрим харажатлар муҳимлигидан келиб чиқиб бир йўналишдан бошқасига ўтказилиши мумкин. Лекин давлат бюджетини камайтириш бўйича чоралар кўзда тутилмаган.
ҚҚС пасайиши нега нархларга таъсир қилмаяпти?
Қўшилган қиймат солиғи пасайиши вақт ўтиши билан секин-аста натижа беради. Чунки ҚҚС жорий йилнинг январь ойидан пасайтирилди. Буни бир мунча вақт ўтгандан сўнг таҳлил қилиш мумкин. Бирданига хулоса чиқаришга шошмаслик керак.
Изоҳ (0)