Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов икки ўринбосари ва икки туман ҳокимини жазолади.
Ҳоким томонидан имзоланган қарорда қайд этилишича, мутасаддилар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлашда камчиликларга йўл қўйгани учун жазоланган.
Ҳужжатга кўра:
- Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳотам Шокиров;
- Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари — уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси Шоҳруҳ Раҳимжонов;
- Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев;
- Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев
- “Мунисипал активларни бошқариш маркази” ДУК бош директори Аҳад Раззоқовга ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов учта туман ҳокимига ҳайфсан берганди. Ҳоким фармойишига кўра, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев, Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиевга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)