Ўзбекистонда Аи-80 русумли автобензин нархи 1 мартдан бошлаб 6 800 сўмдан шаклланади. Бу ҳақда “Дарё”га “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аи-80 русумли автобензин нархини кескин ошишининг олдини олиш бўйича белгиланган “нол” ставкадаги акциз солиғининг муддати 1 мартга қадар амал қилади.
13 декабрдан бошлаб Аи-80 бензинига акциз солиғини бекор қилиш натижасида ўртача 6 800—7 500 сўмдан 5 700—6 000 сўмгача, ёки ўртача 1 100 сўмга арзонлашди.
2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин (ўсиш даражаси чекланмасдан) шаклланиши ҳисобига Аи-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда.
Нархлар ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги АЙҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6 800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7 000 сўмдан шаклланади.
Ўзбекистон ҳудудида қиш фаслида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилганлиги аҳолининг Аи-80 русумли автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига олиб келди.
Изоҳ (0)