Малайзияга борадиган Ўзбекистон фуқароларидан 30 кунгача виза талаб қилинмайдиган бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Малайзияга кириш учун Ўзбекистон фуқароларига 30 кунгача виза талаб қилинмайди. Малайзиянинг миграция қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистондан ташриф буюраётган фуқаролар қуйидагиларни тақдим этишлари шарт:
- амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган хорижга чиқиш паспорти;
- мазкур давлатга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида қайтиш ёки учинчи давлатга бориш авиачиптаси.
Шунингдек, паспорт назоратидан ўтаётганда фуқаролардан меҳмонхона (ётоқхона)ни банд қилгани тўғрисида ҳужжат ва мамлакатда бўлишлари учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқлаш талаб қилиниши мумкин
Зарур ҳолларда, Малайзия ИИВ Миграция департаменти вакиллари чегара ўтиш жойларида (Куала-Лумпур халқаро аэропорти ва бошқалар) чет эл фуқароларига мамлакатга киришни рад этиш ҳуқуқига эга.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси Малайзияга сайёҳат қилишни режалаштираётган ватандошларни маҳаллий ҳокимият органларининг юқоридаги талабларини инобатга олишга чақиради.
Welcoming Countries Rank-2023 рейтингида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг меҳмондўст давлат деб топилганди. Рейтингни тузишда қанча фуқароларнинг мамлакатга визасиз кириши ёки уни келганида олиши мумкинлиги ҳисобга олинган. Республикага 139 давлат фуқаролари визасиз режимда ташриф буюриши мумкин.
Изоҳ (0)