Туркияда зилзила қурбонлари орасида шахси аниқланмаган мурдалар кимсасиз қабристонларга кўмилаётгани рад этилди. Туркия республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармасининг “Дарё”га маълумот беришича, яқинлари топилмаган мурдаларнинг бармоқ излари ва ДНК намуналари олингандан сўнг мурдага рақам берилади ҳамда қайд қилинади.
“Айрим оммавий ахборот воситаларида ’Жасадлар кимсасизлар қабристонига дафн этилмоқда, деган гаплар тарқатилди, бу ҳақиқатга тўғри келмайди’, — дейди бу хусусида “Дарё” мухбири билан мулоқот қилган Туркия республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармасининг Тошкент элчихонаси Коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу.
Таъкидланишича, зилзила сабаб ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш синчковлик билан амалга оширилиб, жасадлари зудлик билан яқинларига етказилмоқда.
“Қидирув-қутқарув ишлари давомида топилган ва шахсини аниқлаш имкони бўлмаган жасадлар учун шахсини аниқлаш мақсадида махсус фотосуратлар олиниб, бармоқ излари ва ДНК намуналари олингандан сўнг мурдага рақам берилади ва қайд қилинади. Жасадларнинг дафн этилиш рухсатномаси расмийлаштирилганидан сўнг, жой ва қабристон рақамланиб, баённома билан қайд қилинади. Ва жасад дафн этилади. Кейинчалик унинг қариндошлари чиқса бармоқ излари ва ДНК намуналари орқали шахсига аниқлик киритилиб, қабрга унинг номи ёзилади”, — дейди масъул.
Изоҳ (0)