Сурхондарё вилоятида дизел ёқилғисини талон-торож қилган филиал раҳбари аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Т.н.” МЧЖ “Болдир” филиали раҳбари Ш.Ҳ. 2022 йилнинг апрель—август ойларида “И.А.” МЧЖга умумий баҳоси 770,5 миллион сўмлик 66,5 минг литр дизел ёқилғисини етказиб бергани ҳақида сохта ҳужжатларни расмийлаштиргани аниқланган. У ўзига ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)