Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон билан эришилган чегара келишувларини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, бу тарихий қарор бўлган.
“Ҳукуматни Ўзбекистон билан чегаралар масаласини ҳал қилиш истагига нима туртки бўлганини тушунаман, бу Тожикистон билан муносабатлар ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жуда катта ва муҳим қадам бўлди. Чегаралар масаласи — тарихий қарор. Албатта, ҳозир қўшни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев экани яхши. Мен унинг Қирғизистонга муносабатини биламан, буни қадрлашимиз керак”, — деди Атамбаев.
2022 йил охирида Тошкент ва Бишкек чегарани делимитация қилиш масаласини якунлади. Қирғизистон барча баҳсли ҳудудларни, Ўзбекистон эса Кампиробод сув омборини олди.
Қирғизистоннинг амалдаги раҳбари Садир Жапаров қирғиз-ўзбек чегараси келишуви ҳақида гапирар экан, чегаралар масаласига чек қўйиб, келажак авлодлар камолотига мустаҳкам пойдевор қўйишга ишонч билдирганди. У Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик руҳидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини қўшимча қилган.
АҚШ ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битимга эришганини олқишлади.
Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев 14 февраль куни колониядан чиқарилди. Қирғизистон Олий суди Атамбаевга нисбатан илгари чиқарилган ҳукмни бекор қилди ва жиноий ишни қайта терговга юборди. Суд Атамбаевнинг Қирғизистондан ташқарида даволанишига рухсат берган.
Изоҳ (0)