Индонезиянинг Susi Air авиакомпаниясига қарашли самолёт янги зеландиялик учувчиси ва беш нафар йўловчиси билан Индонезиянинг Ғарбий Папуа провинциясида жангарилар томонидан гаровга олинди. Бу маълумотни Янги Зеландия бош вазири Крис Хипкинс тасдиқлади, деб хабар бермоқда RNZ.
Нашр маълумотларига кўра, енгил моторли самолёт 7 февраль куни Ғарбий Папуадаги тоғли ҳудудга қўнган. У ерда самолёт минтақани Индонезиянинг қолган қисмидан ажратишни талаб қилаётган айирмачилар гуруҳи томонидан гаровга олинган.
Reuters агентлигининг Индонезия полицияси вакилига таяниб хабар беришича, полиция ходимлари воқеа жойига юборилган. Шу билан бирга, у ҳодиса жойига бориш қийинлигини, буни фақат самолётда амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.
Янги Зеландия бош вазири Хипкинснинг айтишича, ҳукумат вазиятдан хабардор, мамлакатнинг Индонезиядаги элчихонаси ходимлари бу масала устида ишламоқда.
“Улар бизга нима юз бергани ва вазиятни ҳал қилиш учун нима қилишаётгани ҳақида батафсил маълумот беришмади, аммо биз бу масалада иш олиб борилаётганидан хабардормиз”, — деди Хипкинс.
Янги Зеландия Ташқи ишлар вазирлиги учувчининг оиласига консуллик ёрдами кўрсатмоқда. Ёрдам нималардан иборат экани очиқланмаган. Ташқи ишлар вазирлиги буни шахсий дахлсизлик билан изоҳлайди.
Изоҳ (0)