Тошкент вилоятининг Бўка тумани “Жағабайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мини ГЭС қурилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борада Зоир Мирзаевга Бўка тумани ҳокими Низомиддин Аббосов, лойиҳа мутахассислари Дониёр Ботиров ҳамда Раҳмат Эркабоев атрофлича маълумот берди.
Қайд этилича, мазкур микро гидроэлектростанция қурилиши мўлжалланган ҳудуддан иккита канал ўтган бўлиб, олиниши кўзда тутилаётган қўшимча 100 кВт электр энергияси билан олти юзга яқин хонадонни тўлиқ таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бу каби мини гидроэлектростанциялар сув ресурсларидан, жумладан, тўғон ёки суғориш каналларидан олинадиган иккиламчи сувдан самарали фойдаланишни таъминлайди, шунингдек, сув сатҳи кам бўлган вақтларда ҳам ишлайди.
Тақдимотда аҳолига қўшимча имконият яратиш мақсадида бу каби лойиҳаларни электр энергия қуввати паст бўлган олис ҳудудларда ҳам жорий этиш лозимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими мазкур лойиҳа бўйича босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар, энг биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши лозимлиги юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этди ҳамда туман ҳокими ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.
Изоҳ (0)