2021—2022 йилларда Ўзбекистон аҳолиси фаровонлиги даражасининг ўзгариши таҳлили ўтказилди. Бу ҳақда “Дарё”га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
2021 йилда ўтказилган сўровда 10 мингга яқин оила иштирок этган бўлса, 2022 йилда 14 мингдан ортиқ уй хўжаликлари қамраб олинди.
Шу билан бирга, сўровда иштирок этган уй хўжаликлари харажатлар ҳажми бўйича ўнта гуруҳга бўлинган ва ушбу оилалардан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган уй хўжаликлари алоҳида ажратилган.
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда 2022 йил якунига кўра камбағаллик даражаси ўтган йилга нисбатан 3 фоизга камайган ва 14 фоизни ташкил этган.
Тадқиқотга кўра, камбағаллик даражасининг энг катта пасайиши Сирдарё, Тошкент, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида қайд этилган.
Шу билан бирга, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида камбағалликни камайтириш кўрсаткичларида сезиларли яхшиланишга эришилмаган.
Ўзбекистон ҳудудлари бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар
Маълумотларга кўра, аҳоли жон бошига ўртача даромад 8,8 фоизга ошди.
Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларини ўз ичига олган 8 та ҳудудда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ўртачадан паст бўлди.
Кейинги 6 та вилоятда, жумладан, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек, Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларнинг ўсиши республика бўйича ўртачадан юқори эканлиги қайд этилди.
Аҳоли даромадлари таркибида кичик бизнесдан тушган даромадларнинг улуши 2 баравар, қишлоқ хўжалигидан олинадиган даромадларнинг улуши 3 баравар ошган.
Изоҳ (0)