25 январь куни Остонадаги учта ресторан аввалроқ McDonald’s бренди остида фаолият юритган Food Solutions бошқаруви остида ўз фаолиятини тиклайди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
“Айни пайтда ресторанлар барча керакли ҳажмдаги маҳсулотларни қабул қилиб, ташриф буюрувчиларни кутиб олишга тайёр. Ёпилиш вақтида ишлайдиган барча ресторан ходимлари иш жойлари, иш ҳақи ва бошқа меҳнат шароитларини тўлиқ сақлаб қолади”, — дейилади компания хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 23 январь куни Олмаотадаги бешта Food Solutions ресторани иши қайта тикланган эди.
“Янгиланган меню, бошқа ресторанларни очиш жадвали ва янги ном ҳақида тўлиқ маълумот тез орада тақдим этилади”, — дея қўшимча қилди компания.
McDonald’s Қозоғистонда 2016 йилнинг март ойидан бошлаб Food Solutions бошқаруви остида фаолият кўрсатмоқда.
Унинг эгаси Қайрат Бўранбоев бўлиб, у 2022 йилнинг 15 мартидан буён квазидавлат секторида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
2022 йил 17 ноябрь куни Қозоғистонда McDonald’s тармоғи фаолияти тўхтатилгани маълум бўлди. Компания Қозоғистоннинг қуйидаги шаҳарларида: Олмаота, Остона, Атирау, Ақтўбе, Қўстанай, Қарағандада 24 та McDonald’s ресторанига эга бўлиб, икки мингга яқин кишини иш билан таъминлаган.
Изоҳ (0)