Афғонистоннинг Кобул шаҳри ва вилоятларида электр энергияси тақчиллиги давом этаётгани сабабли «Толибон» Ўзбекистонга мурожаат қилди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
«Толибон» ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Мутаққий Ўзбекистондан шартнома асосида электр энергияси экспорт қилишни сўради. У Кобулдаги Афғонистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси очилишида Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон электр энергияси компанияси билан имзоланган шартномага мувофиқ ўз ваъдаларини бажаришига умид билдирган.
«Толибон» ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ўзбекистондан электр энергияси импортини тўхтатиш сабаблари ҳақида ҳеч нарса демаган. Айни пайтда Кобул ва бошқа айрим вилоятлар аҳолиси доимий равишда электр энергияси узилишидан азият чекаётганини айтмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси Кобул ҳамда Парвон, Каписа, Панжшер, Нангарҳор, Лағмон, Логар, Пактий, Хост, Майдон Вардак, Ғазни ва Бағлон вилоятини электр билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистон электр энергетика компанияси техник носозлик туфайли Афғонистонга электр энергияси экспортини тўхтатган.
Изоҳ (0)