2022 йил давомида Ўзбекистонда божхона тушумлари қандай ўзгаргани таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,5 фоизга ошди.
Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (63,7 фоиз), Жиззах (49,5 фоиз), Сирдарё (44,6 фоиз), Фарғона (42,5 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон (39,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (41,7 фоиз) кузатилди.
Натижага кўра, соҳани рақамлаштириш йўналишида ҳисобот даврида 7 та ахборот тизими ва 4 та интерактив хизмати амалиётга жорий этилган.
Жумладан, божхона органлари фаолиятида коррупциявий омилларни минималлаштиришга қаратилган «Коррупциявий хавфларни бошқариш» ахборот тизими ҳамда товарларни «чегара—расмийлаштирув постлари» занжири асосида назорат қилишнинг ягона тизимини йўлга қўйишга қаратилган «Божхона ва юк операциялари» ахборот тизими ишга туширилди.
Шунингдек, декларацияловчи шахслар томонидан ҳужжатларни такроран тақдим этиш амалиётини бекор қилинди. Ушбу ҳужжатларни электрон жамлашга қаратилган «Э-Архив» ахборот тизими ҳамда экспорт мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган автотранспортларни давлат чегарасидан тезкор ўтишини ташкил этишга қаратилган «Э-Навбат» интерактив хизмати жорий қилинди.
Юк декларацияларини инсон омилисиз автоматик расмийлаштириш ҳажми 1,4 фоиздан 39 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич экспортда 35 фоизни ташкил қилди.
Изоҳ (0)