Россия Давлат думаси мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Виктор Соболев мамлакатдаги барча ёшларни мажбурий ҳарбий тайёргарликдан ўтишга чақирди. Бу ҳақда Россия Миллий ахборот хизмати хабар берди.
Соболевнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияда «НАТО билан кенг кўламли уруш» олиб бориш учун сафарбарлик захираси мавжуд эмас. У сафарбарлик қўшинлари базасини тиклаш ва ўқув машғулотларини ўтказиш, шунингдек, Россияда ёшларнинг 100 фоиз ҳарбий мутахассисликка эга бўлишини таъминлашга чақирган.
«Сафарбарлик резерви — армия сафида хизмат қилган ва янги бўлинмаларни шакллантиришга мўлжалланган ўқитилган шахслардир. Агар НАТО уруш олиб бориш учун ўқитилган сафарбарлик захирасини очса, бизда бундай захира йўқ. Бизда ҳар ўн кишидан бири армияда хизмат қилган, тўққиз нафари эса хизмат ўтамаган.
Биз ҳамма нарсани ўзгартиришимиз керак: ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ёшларни ДОСААФ (Россия армияси, авиацияси ва денгиз флотига ёрдам бериш ихтиёрий жамияти) тизимида тайёрлаш керак. Шу билан бирга, ёшларнинг 100 фоизи ҳарбий рўйхатга олиш мутахассислигига эга бўлиши керак. Улар ҳарбий рўйхатга олиш ихтисослигига эга бўлиши ва уруш пайтида сафарбарлик резервида бўлиши учун камида олти ой тайёргарликдан ўтиши керак», — дейди россиялик депутат.
Соболевнинг таъкидлашича, қисман сафарбарлик ҳарбий мактаблар асосида амалга оширилган, бу эса мутлақо нотўғри.
Аввалроқ Россиянинг Свердловск вилоятида депутат Вячеслав Вегнер аёл маҳбусларни Украинадаги урушга юборишни таклиф қилганди. У аёллар махсус ҳарбий операция зонасига сигналчи, шифокор ва ҳамшира сифатида боришга, Россия ҳарбийларига ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин депутатнинг таклифини қўллаб-қувватлаган.
Изоҳ (0)