Европа Иттифоқининг (ЕИ) 15 декабрь кунги саммитида Босния ва Герцеговинага ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилиши маъқулланди. Бу ҳақда Европанинг кенгайиш ва яхши қўшничилик сиёсати бўйича комиссари Оливер Вархели Twitter’да маълум қилди.
«Мен Европа кенгашининг Босния ва Герцеговинага номзод мақомини бериш ҳақидаги қарорини олқишлайман», — дейди Оливер Вархели.
Мамлакат ЕИ аъзолигига номзод мақомини олгани ҳақидаги маълумотни Европа кенгаши президенти вакили Баренд Лейц ҳам тасдиқлаган.
«Босния ва Герцеговина учун номзод мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди», — деган у твитида.
13 декабрь куни Европа Иттифоқи Босния ва Герцеговинага аъзоликка номзод мақомини беришини хабар қилган. ЕИ вазирлари тегишли қарорни қўллаб-қувватлаган.
Босния ва Герцеговина — жануби-шарқий Европадаги давлат, Болқон ярим оролида жойлашган. Шимол, ғарб ва жанубда Хорватия, шарқда Сербия, жануби-шарқда Черногория билан чегарадош. Расмий тиллари босния, серб ва хорват. Пойтахти — Сараево шаҳри. Мамлакат 2016 йилнинг февраль ойида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган.
14 декабрда Косово президенти Европа Иттифоқига қўшилиши ҳақидаги аризани имзолаганди, 15 декабрда эса тегишли ҳужжат ЕИга топширилган.
Изоҳ (0)