АҚШ Украинага ўз ҳарбий хизматчиларини юбормаяпти, лекин унга моддий ёрдам кўрсатяпти. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден айтиб ўтди, деб ёзади Daily Mail.
«Биз, худди аввалгидек, миллиардлаб долларлик моддий воситаларни жўнатяпмиз», — деб жавоб берди президент журналистларнинг саволига.
Россия махсус операцияси энди бошланган пайтдаёқ АҚШ маъмурияти Украина ҳудудига ҳарбий контингент юборилишини истисно қилган эди.
«Буни яна неча марта такрорлашимни билмайман, лекин айтаманки, президент Жо Байден Америка қўшинларини Украинага, Россияга қарши юборадиган сценарий мавжуд эмас», — деган эди брифингда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
Ноябрда ҳам Байден АҚШ учинчи жаҳон урушига аралашмаслигини ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги низога тўғридан-тўғри қўшилмаслигини айтган эди. Шу билан бирга, президент Америка Украинага ҳарбий кўмак тақдим этади, деб аниқлик киритган эди.
Пентагон маълумотларига кўра, 21 ноябрь ҳолатига, АҚШ Украинага 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда ҳарбий ёрдам берган. Шунингдек, Америка кўмакни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди.
10 декабрь куни Пентагон Украинага 275 миллион долларлик навбатдаги ёрдам пакети ҳақида эълон қилди, унга HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари ўқ-дорилари ва 155 миллиметрли артиллерия снарядлари киради.
Сўнгги вақтларда Украина бошқа Ғарб мамлакатларидан ҳам қурол-яроғ олмоқда. Масалан, ноябрь охирида Буюк Британия унга юқори аниқликдаги Brimstone-2 ракеталарини берганди. 8 декабрь куни Германия Украинага 20 та Динго бронетранспортёрлари ва иккита М1070 Ошкош катта юкли ярим прицепларини юборганини маълум қилди.
Россия Ғарб томонидан Украинага қурол етказиб берилиши, биринчидан, Москвага махсус операция мақсадларига эришишда халал бермаслигини, иккинчидан эса, украиналикларга фақат «азоб» келтиришини бир неча марта таъкидлаган.
Изоҳ (0)