Россияга келувчи хорижликлар орасида мамлакат қуролли кучлари сафида хизмат қилишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов «Говорит Москва»га берган интервьюсида айтди.
Маълум қилинишича, бунга хорижликлар учун яратилаётган шароитлар, жумладан, улар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши мумкинлиги сабаб бўлмоқда.
«Қуролли кучлар сафида хизмат қилиш ҳақидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида тарқалгач, қизиқиш ортди. Энг қизғин паллада кунига 10-15 киши қўнғироқ қилиб, қандай рўйхатдан ўтишни сўради. Тарқатган видеомиз 40 минг марта кўрилди, унга талаб юқори эди.
Охир-оқибат қанча одам шартнома тузиб, хизмат қила бошлаганини билмайман, лекин бундай одамлар бор. Таклиф жуда яхши — маош юқори ва фуқароликни соддалаштирилган тарзда топшириш имконияти мавжуд. Бу ҳақиқатан ҳам хорижликлар учун жуда зарур бўлган имконият», — деган Коженов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)