Туркия жануби-шарқидаги Шанлиурфа шаҳрининг Акчакале туманидаги турар жой биносининг биринчи қаватида портлаш юз берди, 6 киши жароҳат олди. Бу ҳақда губернаторлик баёнотига таяниб, Sabah хабар берди.
Туман маъмуриятининг маълум қилишича, портлаш иситиш қозони туфайли содир бўлган. Ҳозирда текширув давом этмоқда.
Нашр портлаш турар жой биносининг биринчи қаватидаги заргарлик дўконида содир бўлганини маълум қилди. Жароҳатланганлар дўкон устидаги квартирада бўлган, улар касалхонага ётқизилган. Ҳодиса туфайли маҳалладаги учта дўконга зарар етган. Портлаш оқибатида сочилиб кетган қимматбаҳо тошлар йиғилиб, дўкон эгасига топширилган.
13 ноябрь куни Истанбулдаги машҳур сайёҳлар кўчаси Истиқлолда портлаш содир бўлганди. Олти киши ҳалок бўлди, камида 81 киши, жумладан, бир ўзбекистонлик жароҳат олди. Истанбул Бош прокуратураси портлашни теракт сифатида баҳолади. Ҳодисада гумонланиб 50 киши қўлга олинди.
Изоҳ (0)