Мадриддаги Торрехон-де-Ардос авиабазасида ҳарбий объектнинг сунъий йўлдош марказига юборилган бомбали посилкани аниқлашди, деб ёзади «Коммерсантъ». Авиабаза хавфсизлик хизмати портловчи қурилмани сканер орқали топиб олган, унинг ҳудудида айни пайтда полиция ва махсус хизматлар ишламоқда.
Авиабаза хавфсизлик тизимлари шубҳали конвертни тонгги 3 ва 4 оралиғида қайд этган. Рентген таҳлилидан кейин унинг ичида қандайдир механизм бўлиши мумкин, деган хулосага келинган.
Бу Испанияда сўнгги бир кеча-кундузда юз берган учинчи шундай ҳолатдир. 1 декабрь куни аввалроқ қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи (шу жумладан, Украина учун) Инсталаза компанияси почта орқали портловчи қурилма солинган пакет қабул қилиб олганди.
30 ноябрь куни эса Украинанинг Мадриддаги элчихонаси яқинида портлаш юз берган, оқибатда дипломатик миссия ходими яраланган эди — у Испаниядаги Украина элчиси номига юборилган конвертни очган, унда эса бомба бўлган.
Портлашдан сўнг Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Украинанинг барча элчихоналарида зудлик билан хавфсизлик чораларини кучайтиришга кўрсатма берди. Ҳозирда полиция элчихона жойлашган ҳудудни ўраб олган. Воқеа жойида сапёр ва полициялар ишламоқда.
Изоҳ (0)