Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фуқаролар 13-автобус келишини кутаётгани акс этган фотосуратлар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 7-автобус саройи филиалига бириктирилган 13-сонли Изза мавзеси–Тошкент МУМ автобус йўналишида жадвал асосида иш кунлари 6 та, шанба ва якшанба кунлари 5 та MAN А22 ва Mercedes-Benz LF автобуслари ишга чиқарилади. Автобуслар 20—21 дақиқа вақт оралиғида йўналишда транспорт қатновини ташкил этилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни 13-сонли йўналишга белгиланган жадвал асосида 6 та автобус ишга чиқарилган бўлиб, йўналиш вақтида сарой рақами 303, 312 ва 301-бўлган автобусларда юзага келган техник носозликлар сабабли мазкур транспорт воситалари 7-автобус саройи филиалига белгиланган вақтдан олдин қайтган. Шу сабабли йўналишда автобуслар қатнов оралиқ вақти узайиб кетган.
«Бугунги кунда мазкур 13-сонли автобус йўналишида хизмат кўрсатувчи автобуслардаги техник носозликларни бартараф этиш, йўналишга керакли миқдорда автобусларни ишга чиқариш чоралари кўрилганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)