Адлия вазирининг 2022 йил 11 ноябрдаги 272-сонли буйруғига асосан туман (шаҳар) адлия бўлимларида «Ҳуқуқий кўмак дарчалари» ташкил этилиши белгиланган.
Таъкидланишича, «Ҳуқуқий кўмак дарчалари» суд, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда қонунчиликдаги судлар фаолияти билан боғлиқ ҳамда суд-процессуал тартиблар ҳақида фуқароларга оғзаки ҳуқуқий тушунтиришлар ҳамда маслаҳатлар бериш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширади.
Мурожаат қилувчи шахсларга улар билан суҳбат давомида бериладиган ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар тавсиявий характерга эга ҳисобланади. Бундан ташқари, мурожаат этган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қонунчиликда белгиланган асосларга кўра рад этилиши ҳам мумкин.
Мазкур дарчаларга суд билан боғлиқ ҳамда суд-процессуал тартибдаги масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдам олмоқчи бўлган фуқаролар белгиланган қабул соатлари доирасида мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Хизмат кўрсатиш қонунийлик, холислик, суд органларининг фаолиятига аралашмаслик, бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслик, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, шахсий масъулият принциплари асосида кўрсатилади.
Мазкур буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча туман (шаҳар) адлия бўлимларида «Ҳуқуқий кўмак дарчаси» фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бундан кўзланган мақсад фуқароларга ҳуқуқий кўмак кўрсатилишини таъминлаш, шунингдек, аҳолида суд органларига мурожаат қилишда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш ҳисобланади.
Изоҳ (0)