Хитой Россиянинг G20 ва бошқа халқаро майдонлардан четлатилишига қарши, деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И. Бу ҳақда вазир Индонезиянинг Бали оролида бошланган G20 саммити доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан икки томонлама учрашувда маълум қилди.
«G20 саммитида шахсан иштирок этаётганингиздан, саммитда Россияга вакиллик қилаётганингиздан жуда хурсандмиз, бу улуғвор миссия. Биз Россиянинг G20 ва бошқа халқаро платформалар доирасидаги муносиб ролини қўллаб-қувватлаймиз ва Россиянинг кўп томонли форматларда қатнашиш ҳуқуқини тортиб олишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб ҳисоблаймиз», — деди Ван И.
У россиялик ҳамкасби билан «ўзаро манфаатли масалалар, шунингдек, икки томонлама муносабатларда барқарорликни сақлаб қолиш учун зарур ҳамкорлик» бўйича муҳокама ўтказмоқчилигини таъкидлади.
29 октябрь куни Москва «дон битими»даги иштирокини тўхтатганини эълон қилганидан сўнг, Украина президенти Владимир Зеленский Россияни G20 дан чиқариб ташлашга чақирган эди. «Ҳозир бизга қатъий халқаро жавоб керак: БМТ даражасида ҳам, бошқа даражалар, хусусан, G20 даражасида ҳам. G20 да Россияга ўрин йўқ», — деган эди ўшанда Украина президенти.
14 ноябрь куни Украина Олий Радасига G20 давлатларини Россияни ташкилотдан чиқаришга чақирувчи мурожаат лойиҳаси киритилди.
Изоҳ (0)