Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Reuters агентлигига берган интервьюсида Россия қўшинларининг Херсондан олиб чиқилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтди.
«Херсон узра Украина байроғи ҳилпираб турмагунича, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ҳақида гапиришнинг маъноси йўқ», — деди маслаҳатчи.
Подолякнинг аниқлик киритишича, ҳозирча Россия Херсонни жангсиз тарк этиш ниятида экани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ, ҳудудда рус гуруҳининг муҳим қисми қолмоқда, шаҳарга қўшимча захиралар жалб қилинмоқда.
«Украина ҳудудларни разведка маълумотлари ёрдамида озод қилмоқда, телевидениенинг уюштирилган баёнотлари асосида эмас», - деди у.
Айни пайтда унинг ҳамкасби Алексей Арестович душманнинг шаҳарни тарк этиши ҳақида гапириш нотўғри эканлигини таъкидлади.
9 ноябрь куни эрталаб россиялик «ҳарбий мухбирлар» Херсондаги бинолардан Россия байроқлари олиб ташланганини, босиб олинган Снигиревкадан шаҳар томон кетаётганда кўприклар портлатиб юборилганини хабар қилди.
Кечга яқин Россия қўшинлар қўмондони Сергей Суровикин аскарларни Днепрнинг ўнг қирғоғидан олиб чиқишни таклиф қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бу таклифга розилик билдирди.
Изоҳ (0)