Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консули Таиланд Савдо вазирлиги Халқаро савдо музокаралари департаменти бош директори Орамон Саптавитҳам билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Учрашувда Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш ҳамда ўзаро савдо айланмасини ошириш масалалари муҳокама қилинган. Бу борада мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилган.
Томонлар Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кимё саноати маҳсулотлари, Таиланддан эса автомобиль, электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги, косметика ва халқ табобати маҳсулотлари савдосини жадаллаштириш бўйича фикр алмашган.
Орамон Саптавитҳам ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш мақсадида мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишиш учун бизнес доиралари вакилларининг ўзаро ташрифларини кўпайтириш муҳимлигини ва ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Бундан аввал Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинганди. Россия Ўзбекистон автомобиль бутловчи қисмларини етказиб беришдан манфаатдор эканини билдирган.
Изоҳ (0)