Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳокимлигида инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бошқармаси раҳбарияти билан Masdar компанияси (БАА) вакиллари ўртасида мазкур қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг жорий этилишини ўрганишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ITSV ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Осиё тараққиёт банки, «5 пойтахт», Green Business Innovation компаниялари вакиллари, фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этган.
Суҳбат чоғида лойиҳани амалга ошириш жараёни, қурилишнинг навбатдаги босқичи доирасидаги ишларга тайёргарликнинг бориши, шунингдек, Шеробод шаҳри ва унга туташ ҳудудлар бўйлаб юқори волтли линияларни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилган.
Лойиҳанинг техник параметрлари ҳар томонлама таҳлил қилингандан сўнг уни ўз вақтида амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг тегишли қарорига мувофиқ Сурхондарё вилояти Шеробод туманида БААнинг Masdar компанияси томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)