Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» истироҳат боғида жорий йил 28—30 октябрь кунлари халқаро асал фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоятда илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлигининг Намангандаги ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилмоқда.
Фестиваль давомида 250 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий асаларичилар маҳсулотларини намойиш этиши кўзда тутилмоқда. Асал маҳсулотлари ва асаларичилик, асал йиғиш ва асалари уйлари ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилади. Меҳмонлар асал мумидан малҳам ишлаб чиқариш, асаларичиликка оид ҳунармандлик буюмлари тайёрлаш, асалнинг бир неча навларини татиб кўриш имконига эга бўлади.
Тадбир дастуридан соҳага оид илмий-амалий анжуман, асал кўргазмаси, спорт мусобақалари, меҳмонлар учун концерт, асаларичилик соҳасидаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг маҳорат дарслари ўрин олган.
Фестиваль доирасида «Энг яхши қадоқланган асал» ва «Энг табиий асал» номинациялари бўйича танловлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)