Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Бартин провинциясидаги кўмир конида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар бермоқда.
Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олган кончилар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Кондаги портлаш
Туркиянинг Бартин вилояти Амасра туманидаги кўмир конида юз берган портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 40 кишига етган. Сўнгги маълумотларни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу жамоатчилик билан бўлишган.
Авария вақтида конда бўлган 110 кишининг 58 нафари қутқариб олинган. Бир кончининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Сойлунинг айтишича, қидирув ишлари давом этмоқда. Амасра туманидаги конлардан бирида портлаш 14 октябрь, жума куни маҳаллий вақт билан 18:15 атрофида юз берган.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хожа аввалроқ маълум қилганидек, 11 киши касалхонага жойлаштирилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 октябрь, шанба кунига белгиланган барча тадбирларни бекор қилиб, тез орада воқеа жойига етиб боришини эълон қилган. Бартин вилояти прокуратураси кондаги портлаш юзасидан жиноят иши очган.
Аввалроқ кон портлаши оқибатида 28 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Туркия конларидаги энг йирик портлашлардан бири 2014 йил майида Маниса вилоятида содир бўлган, ўшанда 270 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
2017 йилда эса Туркиянинг Ширнак вилоятидаги кўмир конида юз берган портлаш оқибатида олти кончи ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)