Навоий вилояти Учқудуқ туманида базавий станция қуришдаги талон-торожликлар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учқудуқ тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Акбагет» овулида «Ўзтелеком» оператори учун базавий станция қурилиши бўйича вилоят «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг» компанияси ва «К.П.» хусусий корхонаси ўртасида тузилган шартномага асосан бажарилган ва қабул қилиб олинган ишлар назорат ўлчовидан ўтказилган. Шунда ушбу корхоналар масъул шахслари амалда бажарилмаган ишларни ҳужжатларга қўшиб ёзиш орқали жами 307,5 миллион сўмни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)