Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) аъзоси бўлган Европада январдан августгача газ истеъмоли ўтган йилга нисбатан 10 фоизга, ишлаб чиқаришда эса 15 фоизга камайди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Хитойда бу вақт ичида газга бўлган талаб 1 фоиздан ошмади, электр ишлаб чиқаришда газдан фойдаланиш ҳажми эса 9 фоизга камайди.
Японияда бу борада турғунлик, Ҳиндистонда 4 фоиз ва Жанубий Кореяда 3 фоизга пасайиш қайд этилди. Ўсиш биринчи навбатда АҚШ (4 фоиз) ва Канадада (8 фоиз) кузатилди.
Натижада жорий йилда газга бўлган умумий талаб 0,8 фоизга камайиши мумкин, келгуси йилда эса атиги 0,4 фоизга ўсади.
Россиядан газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилган тақдирда Европа мамлакатлари жорий қишда истеъмолни яна ҳам қисқартиришга мажбур бўлади.
Ҳозиргача Европа Иттифоқи давлатлари 1 августдан 31 мартгача (беш йиллик ўртача истеъмол даражасига нисбатан) ихтиёрий равишда 15 фоизга камайтиришга келишиб олган.
Омборларни камида 25 фоиз (сентябрь охирида 87 фоиз) тўлдиришни таъминлаш учун иситиш мавсуми охиригача талабни 9 фоизга, 33 фоиз тўлдириш даражасини таъминлаш учун эса 13 фоизга камайтириш керак.
Йил бошидан бери Россия газининг Европа Иттифоқига етказиб берилиши («Шимолий оқим» тўхтатилишидан олдин) йиллик ҳисобда 45 фоизга (45 миллиард куб метргача) камайди.
Учинчи чоракда импорт даражаси 10 миллиард куб метрдан кам бўлди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга пасайиш), Норвегия йил бошидан буён экспортни 8 фоизга (6 миллиард куб метр), Озарбайжон 50 фоизга (2,5 млрд куб метр) оширди.
Етказиб бериш танқислигини ўрнини босувчи асосий манба суюлтирилган газ (LNG) импорти бўлиб, у 65 фоизга ошди ва 110 миллиард куб метрга етди.
Изоҳ (0)