«Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов ва АЭХА бош директори Рафаэл Гросси ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, учрашувда Рафаэл Гросси 2022 йилда кузатилган икки томонлама ҳамкорликнинг ўсувчанлигини юқори баҳолаган. Бош директор АЭХА департаментларининг республика ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақида яхши маълумотга эга эканини қайд этган.
Унинг айтишича, Ўзбекистон ўз атом энергетикасини яратиш йўлига ўтган давлат сифатида доимо унинг диққат-эътиборида турибди. Шу муносабат билан у агентлик Ўзбекистонга ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларига ядро технологияларини жорий этишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилган.
Рафаэл Гросси Ислом тараққиёт банки иштирокида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масаласига алоҳида тўхталган. Бош директор ушбу лойиҳа унинг шахсий эътибори ва назоратида эканини таъкидлаган.
Таъкидланишича, агентлик ускуналарни харид қилишни мувофиқлаштириш ва назорат қилишни ўз зиммасига олиши мумкин. Айни пайтда агентлик Ўзбекистон билан ядро тиббиётида қўлланиладиган ўзига хос асбоб-ускуналардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича тиббий мутахассислар малакасини ошириш соҳасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Рафаэл Гроссига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди ва ҳукумат номидан Ўзбекистон АЭХАнинг ядровий хавфсизликни таъминлаш бўйича талаб ва тавсияларига риоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларга содиқ эканини қайд этган.
Изоҳ (0)