Тошкентда 17 сентябрь куни «АрМИ—2022» ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Тантанали тадбирда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
15—27 август кунлари ўтказилган «АрМИ—2022» ҳарбий мусобақаларида Ўзбекистон ҳарбийлари 7 та олтин, 10 та кумуш, 5 та бронза медалларига эга бўлганди. Шунингдек, 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижаларни ҳам қайд этиб, 37 та давлат ичида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллади.
Байрамона тадбирда вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича навбати билан саҳнага чиққан ҳарбий жамоаларнинг ҳар бир аъзосини қутлаб, пул мукофотларини топширди. Яъни, ғолиб ва совриндор бўлган ҳарбий хизматчилар лавозим маошларига мос равишда 10, 6 ва 3 баравари миқдорида пул мукофоти ҳамда бир поғона юқори малака тоифалари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, маросим давомида Халқаро армия ўйинларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга муддатидан олдин навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.
Изоҳ (0)