АҚШ Сенатининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси Тайван билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Тайбейга 4,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам жўнатиш борасидаги қарор лойиҳасини тасдиқлади, деб хабар беради «Интерфакс».
«17 нафар сенатор қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган бўлса, қарши овозлар сони 5 тани ташкил этди. Шундан сўнг қарор Сенатнинг тўлақонли таркиби муҳокамасига юборилди», — дейилади хабарда.
Bloomberg маълумотларига кўра, қарор лойиҳаси тўрт йил давомида Тайванни 4,5 миллиард долларлик мудофаа ёрдами билан таъминлаш ва мазкур оролга қарши ҳар қандай ҳаракати учун Хитой расмийлари ва иқтисодий институтларга нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини ўз ичига олади.
Қўмитага раислик қилаётган ва ўз навбатида, лойиҳанинг муаллифларидан бири бўлган сенатор-демократ Боб Менендес, қарордан кўзланган мақсад Пекин билан алоқаларни кескинлаштириш эмас, балки эҳтиёткорлик эканини таъкидлади.
Қарор лойиҳаси ҳали тўлақонли тасдиқланганича йўқ, чунки унинг айрим масалалари Оқ уйдагилар орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда, деб ёзади Bloomberg.
Агентлик аниқлик киритишича, АҚШ маъмурияти ҳужжатнинг аксар бандларини маъқуллашига қарамай, «қонун лойиҳаси АҚШнинг Пекин билан 40 йилдан ортиқ муддат давомидаги алоқалари ҳамда пухта ишлаб чиқилган ‘ягона Хитой’ сиёсатини бузиши мумкин».
Изоҳ (0)